Фарғонада эркак жанжал сабаб танишини болта билан уриб ўлдирди
Фарғона вилояти Бувайда туманида 37 ёшли маст эркак жанжал сабаб танишини болта билан уриб ўлдирди.
Маълум бўлишича, воқеа 2021 йилнинг 7 сентябрь куни туманнинг Узумчилик қишлоғида содир бўлган. Аниқланишича, Х.Х. исмли 37 ёшли эркак таниши И.А. билан спиртли ичимлик истеъмол қилаётган вақтида бир-бирини ҳақоратлаб, жанжаллашиб қолган.
Қайд этилишича, Х.Х. темир швабра билан танишининг бошига бир неча маротаба урган. Кейин уни хонадондаги айвон томонга судраб бориб, болта билан бош, бўйин, кўкрак, елка ва бошқа соҳаларига зарба берган. Оқибатда жабрланувчи олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида ҳалок бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган судда Х.Х. Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг «в,ж» бандлари билан айбдор деб топилиб, 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.