Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 2021 йил якунига кўра қанчага етгани маълум бўлди
Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 2022 йилнинг 1 январь ҳолати бўйича 26,3 миллиард АҚШ долларига етди.
Қайд этилишича, қарзнинг 23,6 миллиард АҚШ доллари давлат ташқи қарзи, 2,7 миллиард АҚШ доллари эса давлат ички қарзи ҳисобланади. Жами давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,0 фоизни ташкил этган.
Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи бугунги кунда «мўътадил» даражада ҳисобланади.
Таъкидланишича, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2021 йил бошида 39,0 фоиз бўлган. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига эса бу миқдор 38,0 фоизгача пасайган. Давлат қарзи 2021 йил давомида 2,9 миллиард долларга ошган бўлса-да, АҚШ доллари ҳисобида ялпи ички маҳсулот тез сурьатларда, яъни 9,4 миллиард долларга ўсганлиги туфайли давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати пасайган.
2021 йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг
- 25,2 фоизи ёки 5,9 миллиард АҚШ доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга;
- 13,2 фоизи ёки 3,1 миллиард АҚШ доллари электр-энергетика соҳасига;
- 12,2 фоизи ёки 2,9 миллиард АҚШ доллари энергетика соҳасига;
- 11,0 фоизи ёки 2,6 миллиард АҚШ доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига;
- 9,1 фоизи ёки 2,1 миллиард АҚШ доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.
2021 йил давомида давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари (давлат бюджети ва давлат корхоналари маблағларидан) 2,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.