Ўзбекистонда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болалар зарур воситалар билан таъминланади
Ўзбекистонда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болалар давлат томонидан зарур воситалар билан таъминланади.
Элмира Боситхонованинг таъкидлашича, мамлакатда бу хасталикка чалинган беморлар учун зарур дори, реабилитация ва махсус озуқа воситалари давлат бюджети ҳисобидан харид қилинмаган ва беморларда фақатгина симптоматик муолажа ўтказилган. Бунинг оқибатида болаларда касаллик оғир кечиб, эрта ўлим билан якунланган.
Президентнинг тегишли қарори билан эндиликда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болалар давлат томонидан патогенетик дорилар, ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланади. Ҳужжатда 1 июлдан бошлаб никоҳланувчилар ўз ҳисобидан Аҳоли репродуктив саломатлик марказининг филиаллари орқали молекуляргенетик тестдан ўтиши қайд этилган.
Қайд этилишича, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан 2022 йил 1 июндан бошлаб уй шароитида даволанаётган бемор болаларга зарур бўлган техник (15 турдаги) воситалар бепул ижарага берилади.