Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев 16 март куни Қозоғистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди.

Маълум қилинишича, унда давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, икки томонлама савдо ҳажмининг ўсиш суръатини таъминлаш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик тармоқлари, транспорт ва логистика соҳаларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш учун қулай шароитлар яратиш, маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасидаги қўшма тадбирларни фаол ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Мулоқот якунида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган баҳорий айём — Наврўз муносабати билан бир-бирини қутлаб, биродар халқларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Янгиликлар