Ўзбекистонда транспорт воситаларининг тезлик чекловлари қайта кўриб чиқилади
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Тошкент шаҳри ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда транспорт воситаларининг тезлик чекловлари қайта кўриб чиқилишини айтди.
Маълум қилинишича, транспорт воситасини қасддан тартибсиз бошқариш, ўзбошимчалик билан ҳаракат қатнашчиларини тўхташга мажбур қилиш орқали хавфни юзага келтирганлик учун жавобгарлик белгиланади. Шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолиятига ноқонуний аралашиш, қаршилик кўрсатиш ҳолатларининг олдини олиш учун соҳа вакилларининг шахсий ҳимоя ва фаол мудофаа воситаларидан фойдаланиши борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилади.
Вазирнинг таъкидлашича, қоидабузарлик учун жарима баллар ҳисоблаш тизими жорий этилади. Агар ҳайдовчининг 12 ой давомида содир этган қоидабузарликлари учун ҳисобланган жарима баллари 12 баллдан ошса, у транспортни бошқаришдан маҳрум қилинади. Қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга бонус баллари ҳисобланади.
Қолаверса, Тошкент шаҳри ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг тезлик чекловлари қайта кўриб чиқилади.