Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган 2 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган Ўзбекистон фуқароларини ўз оиласига қайтишида амалий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Бош консулхона маълумотига кўра, ўзбекистонлик М.С. ва Б.В.лар Мьянмада одам савдоси қурбони бўлганликларини билдириб, ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. 

Маълум бўлишича улар Таиландга интернет орқали юқори маошли иш таклиф қилинганидан сўнг борган. Бироқ Таиландга етиб келганидан кейин улар алданиб, ноқонуний равишда Мьянмага олиб кетилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топширилган. Ўзбекистон фуқаролари Мьянмада ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган.

Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланилган. Жиноий тўда уларнинг озод этилиши ва ватанига қайтиши учун катта миқдорда пул талаб қилинган.

Мьянма ва Таиланд ваколатли органлари билан келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Майесот (Таиланд) чегара ўтиш пунктида озод қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилди. Озодликка чиққанлар вақтинчалик уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланди.

Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси фуқароларни хорижда ишга жойлашиш бўйича таклифларни кўриб чиқишда ҳушёр бўлишга ва ахборот манбаларининг ишончлилигини синчковлик билан текширишга чақиради. Бош консулхона, шунингдек, ватандошларга Таиланд, Камбоджа, Мьянма ва Лаосда ишга жойлашиш бўйича консуллик ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдиради, дейилади хабарда.

Жамият