Сурхондарёда маҳалла фаолларини пахта теримига мажбурлаган ҳоким ўринбосари жаримага тортилди
Сурхондарё вилоятида ҳоким ўринбосари маҳалла фаолларини пахта теримига мажбурлагани учун жаримага тортилди. Бу хакда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Куни кеча, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Тошматова маҳалла фаолларини пахта теримида қатнашишга мажбурлагани ҳақида хабар берилган эди.
Шундан сўнг, тарқалган хабарлар юзасидан текшируви ўтказилган.
Ҳоким ўринбосарининг маҳалла фаолларига пахта теримига 5-10 нафардан фуқароларни мажбурий жалб қилиш ҳақида топшириқ бергани тасдиғини топди, — дейилади хабарда.
Натижада, мазкур мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1 қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима қўлланилди.
Вазирлик, яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 5-моддасига мувофиқ мажбурий меҳнат тақиқланганини ва бу каби ҳолатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига мувофиқ 50 баравардан 100 бараваригача жаримага сабаб бўлишини эслатди.