Хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 4 нафар бола қайтарилди
17 октябрь куни Ички ишлар ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари Тошкент шаҳар халқаро аэропортида яна 4 нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқаросини кутиб олишди. Бу ҳақида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, улар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги Москва шаҳри Бош бошқармасининг Вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш маркази ходимлари томонидан «МДҲ иштирокчи давлатларининг вояга етмаганларни доимий яшаш жойига қайтариш масалаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битим» доирасида ватанига қайтарилган.
2024 йилда жами 100 нафар вояга етмаган фуқаролар қайтарилиб, ота-она ёки қариндошлар қарамоғига топширилди.
Хорижда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларни қайтариш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда, дейди агентлик матбуот хизмати.
Аввалроқ, ота-онасиз қолган 11 нафар бола олиб келингани ҳақида хабар берган эдик.