1 июлдан бошлаб тўланадиган пенсия ва нафақалар миқдори маълум қилинди
Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб тўланадиган барча турдаги пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори маълум қилинди. Бу ҳақда тегишли фармонда келтирилган.
Аввалроқ, Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 10% га оширилиши эълон қилинганди.
Фармонга кўра айрим тўловлар қуйидагича белгиланмоқда:
• иш стажи тўлиқ бўлмаган ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 1,012 млн сўм;
• меҳнатга лаёқатсиз ва болаликдан ногиронлиги бўлган фуқароларга тайинланган нафақа — 1,012 млн сўм;
• уруш қатнашчилари ва бошқа алоҳида тоифалардаги фуқароларнинг пенсияси (устамалар билан бирга) — 4,462 минг сўм;
• зарур иш стажига эга бўлмаган кексаларга тўланадиган нафақа — 820 минг сўм;
• бошқа шахс парваришига муҳтож ногирон болани парвариш қилаётган шахсга бериладиган нафақа — 820 минг сўм;
• боқувчисини йўқотганлар учун бир меҳнатга лаёқатсиз оила аъзосига нафақа — 820 минг сўм, ҳар бир қўшимча оила аъзоси учун — 270 минг сўм.
Шунингдек, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 918 минг сўм, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори эса 471 минг сўм этиб белгиланди.
Мазкур ўзгаришлар 2025 йил 1 июлдан кучга киради.