Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар саммитида иштирок этади

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унга кўра, 5- 6 ноябрь куни саммит Бишкекда бўлади. Саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари эътибор марказида бўлади.

Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.

Йиғилиш якунида қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси қабул қилиниши кўзда тутилган.

Аввалроқ, Туркий давлатлар ташкилотининг ХI саммити ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.

Сиёсат