Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан АҚШга етиб келди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари етакчиси Дональд Трампнинг таклифига биноан 4 ноябр куни амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрига келди.

Эндрюс авиабазасида давлат раҳбарини АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау, АҚШ – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 5-6 ноябр кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон етакчиси Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп билан учрашади ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг С5+1 форматидаги саммитида иштирок этади.
Тадбирлар дастуридан АҚШ Конгресси ва ҳукумати вакиллари билан музокаралар, ушбу мамлакат етакчи компанияларининг раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ҳамда ишбилармон доиралар иштирокидаги давра суҳбати ҳам ўрин олган.




