Эрон АҚШнинг Қатардаги ҳарбий базасига ҳужум қилди
Эрон АҚШнинг Қатардаги Ал-Удайд ҳаво базасига ракета ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда 23 июнь куни Эрон Ислом Инқилоби Қўриқчилари Корпуси эълон қилган баёнотга асосланиб Al Jazeera хабар берди.
Ҳужум Эрон ядро объектларига қарши АҚШ томонидан уюштирилган зарбаларга жавобан амалга оширилган. Эрон бу ҳужумни «Ғалаба эълонининг баёни» номли операция доирасида амалга оширганини ва АҚШнинг ҳарбий агрессиясига жавобсиз қолмаслигини билдирган. Баёнотда АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари куч эмас, балки заифлик нуқтаси экани таъкидланган.
Ҳужум натижасида Қатар пойтахти Доҳа ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида портлашлар ва ёнғинлар кузатилган. Эрон расмийлари Ал-Удайд базаси АҚШ ҳаво кучлари учун минтақадаги энг йирик стратегик объект экани сабаб ҳужум нишонига айланганини маълум қилган. Улар, шунингдек, зарбалар аҳолига таҳдид туғдирмаган ҳудудларга йўналтирилганини, Қатар халқи ва ҳукумати билан илиқ муносабатлар сақланиб қолишини билдирган.
АҚШ мудофаа расмийлари базага қарата Эрон ҳудудидан қисқа ва ўрта масофали баллистик ракеталар учирилганини тасдиқлаган. Қатар Мудофаа вазирлиги эса ўз ҳаво мудофааси тизими ёрдамида ракеталарнинг асосий қисмини муваффақиятли тутиб қолганини маълум қилган. Расмийларга кўра, кеч соат 19:30 да Эрон томонидан Ал-Удайд базасига қарата еттита ракета учирилган, ҳужумдан олдин база эвакуация қилинган. Кейинчалик Қатарнинг Ички ишлар вазирлиги умумий ҳисобда 19 та ракета учирилганини, фақат биттаси Ал-Удайд базасига тегиб тушганини, лекин талафот ва қурбонлар қайд этилмаганини маълум қилган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни мамлакат суверенитети ва ҳаво ҳудуди бузилиши, БМТ Низомига зид ҳаракат сифатида баҳолаб, Доҳа ўз жавоб чораларини кўриб чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирган.
Ҳужумдан олдин АҚШ ва Британия элчихоналари Қатар фуқароларига жойида қолиш бўйича огоҳлантириш берган. Портлашлар тўхтаганидан сўнг ушбу тавсиялар бекор қилинган. Мамлакатдаги бир нечта халқаро мактаблар сешанба куни ёпилишини эълон қилган, Таълим вазирлиги эса имтиҳонларни чоршанбага кўчирган. Қатарнинг Ички ишлар вазирлиги вазият барқарор эканини, барча хавфсизлик тузилмалари мувофиқлаштирилган ҳолда фаолият юритаётганини билдирган.
Қатар, хавфсизликни таъминлаш мақсадида, ҳужум вақтида ҳаво ҳудудини вақтинча ёпган ва орадан беш соат ўтгач қайта очган. Ташқи ишлар вазирлиги эса можаро иштирокчиларини зудлик билан музокараларга чақириб, ҳаёт нормал ҳолатга қайтаётганини маълум қилган.