Рақамли далилларни судга тақдим этиш тартиби тасдиқланди
Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақида «Норма» хабар берди.
Ҳужжат билан Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик-процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмқд.
Хусусан, жиноят иши доирасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошка электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли.
Маълумот ўрнида, электрон маълумотлар электрон курилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.
Терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечиради.
Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилади.
Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.