Бухорода сифати кафолатланмаган дори воситалари савдосига чек қўйилди
Бухоро вилоятида сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Аниқланишича, Бухоро туманида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони ва унга тегишли автомашина кўздан кечирилганда, жами 78 номдаги 978 қути дори воситалари – жумладан, «Имудон», «Церебролизин», «Дофамин», «Маалокс» каби препаратлар ҳужжатларсиз ва сифатсиз ҳолда сақланаётгани аниқланган. Дори воситалари белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган. Текширув давомида ушбу фуқаронинг жиноятдаги шериги ҳам аниқланган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг хулосасига кўра, аниқланган дори воситаларидан 32 номдаги восита Ўзбекистон давлат реестрида қайд этилмаган, 57 номдаги восита учун мослик сертификатлари расмийлаштирилмаган, 6 номдаги восита сифатсиз, 4 номдаги восита эса қалбакилаштирилган, шунингдек, уларнинг сақлаш шароитлари меъёрларга мос келмаган. Шу сабабли бу дориларнинг сотилиши, сақланиши ва амалиётда қўлланилиши тақиқланади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25 ва 186 прим 3-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тегишли идоралар маълумотига кўра, ушбу дори воситалари вақтида тўхтатиб қолинмаганда, улар Бухоро шаҳри ҳамда Шофиркон, Пешку ва Ромитан туманларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилиши мумкин эди. Аҳоли бундай ҳолатларга нисбатан ҳушёр бўлишга чақирилмоқда.