Андижонда Россия сафида Украинага қарши урушда қатнашган шахсга суд ҳукми ўқилди

Андижон вилоятида Россия томонида туриб Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган фуқаро суд ҳукмига тортилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг 2 июнь кунги қарорида таяниб Repost.uz хабар берди.

Маълумотларга кўра, 40 ёшли Х.Х. 2019 йилда ишлаш мақсадида Россиянинг Саратов шаҳрига борган. 2024 йил июнь ойида у Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва кейинчалик Луганск вилояти ҳамда Волчанск шаҳри ҳудудида Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Урушда ярадор бўлган Х.Х. Россиядаги ҳарбий шифохоналарда даволангач, Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтиб, мамлакатга қайтган.

Суд жараёнида айбланувчи ўз айбини тан олиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирган. Шунингдек, у Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмасдан Россия паспортини олганини айтган.

Х. Х. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланма аскарлик), 154-1-моддаси 1-қисми (чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш ёки ёллаш) ва 223-моддаси 1-қисми (чет элга ноқонуний чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига ноқонуний кириш) бўйича айбдор деб топилди. У уч йил-у бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистон