«Иркутск-Тошкент» йўналишидаги самолёт қуш билан тўқнашди
Тошкентга учиб келиши керак бўлган самолёт, қуш билан тўқнашиши сабабли парвозни тўхтатиб, қайта учиш аэропортига қайтди. Бу ҳақда Шарқий Сибир Транспорт прокуратураси маълум қилди.
Вокеа 12 сентябр куни, соат 07:40 да (маҳаллий вақт бўйича), Иркутск шаҳри аэропортида содир бўлди.
«Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг Иркутск-Тошкент йўналиши бўйича 2719-сонли рейсини амалга ошираётган А-319 самолёти учиш-қўниш йўлагида парвоз пайтида двигателга қуш кириб қолгани туфайли самолёт командирининг қарори билан учиш аэропортига қайтди, — дейилади хабарда.
Самолётда 6 та экипаж аъзоси ва 91 нафар йўловчи бор эди. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жароҳат олмагани маълум қилинди.
Ҳозирда, Байкал-Ангар транспорт прокуратураси парвоз хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини текширишни ташкил этди.