МИБга Ички ишлар органларининг вазифаларидан бири ўтказилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 23 январь, шанба куни Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг «Ижро ҳужжатлари талабларини бажаришдан бўйин товлаётган қарздор жисмоний шахслар ва ижро ҳужжатлари бўйича олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидиришда Мажбурий ижро бюроси ва ички ишлар органларининг ҳамкорлиги бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойланди.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга асосан, қарздор жисмоний шахс ва олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш ички ишлар органларига юклатилиши белгилаб қўйилган. Лойиҳага кўра, қарздор жисмоний шахс ва олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш вазифаси ички ишлар органларидан олиниб, МИБнинг қидирув бўлинмаларига юклатилинади.
Шунингдек,
- Ижро ҳужжатлари бўйича қарздор жисмоний шахсларни ёки олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш бўйича қидирув тадбирлари мазкур Йўриқнома, Бюро директорининг соҳавий буйруқлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
- Ижро ҳужжатлари бўйича қарздор жисмоний шахсларни ёки олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш ишларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш Бюронинг қидирув бўлими ва ҳудудий бошқармаларининг қидирув шўъбаларига юклатилади.
- Мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда қидирув тадбирларини амалга ошириш ишларига ички ишлар органларининг тезкор қидирувни амалга оширувчи, маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш (кўриб чиқиш) ваколатига эга бўлган, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (МваФРБ), ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ҳамда муайян ҳужжатларни расмийлаштириш, рухсат бериш ва бошқа фаолиятни рўйхатга олиш билан боғлиқ бўлинмалар жалб этилади ва белгиланган тартибда ҳамкорликни амалга оширади.
- Бунда Бюро органлари томонидан ички ишлар органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларидан (қидирувдаги шахcлар ҳақида маълумотлар базалари, махсус дастурлаштирилган «Автокон» қурилмалари, мавжуд камералар, ахборот марказлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлимлари маълумотлари ва бошқалар) ўрнатилган тартибда фойдаланилади.
- Бюро органлари томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари ахборот тизимларига қидирув ташаббускори сифатида ички ишлар вазирлиги ахборот базаси орқали маълумотлар киритилиши ва олиниши тўғридан-тўғри амалга оширилади.
Аввалроқ Мажбурий ижро бюроси ходимлари сони қанчага қисқартирилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими яратилади.