Сурхондарёда судья катта ёрдамчиси $53 минг пора билан ушланди
Сурхондарё вилояти судининг судья катта ёрдамчиси катта миқдорда пора билан қўлга тушди, деб Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, ушбу мансабдор хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бойлик орттирмоқчи бўлган. У жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича 2 нафар судланувчига нисбатан аниқланган 6,3 млрд сўмлик зарар миқдорини қайта баҳолаш тўғрисида суд ажрими чиқариш орқали камайтириб, уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиш ва дастлабки тергов даврида қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чорасини бекор қилдиришни ваъда берган.
Натижада судланувчиларнинг қариндошидан 53 минг АҚШ доллари олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилади.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





