Ўзбекистон сумо бўйича жаҳон чемпионатида илк бор бронза медалини қўлга киритди
Ўзбекистон терма жамоаси вакили Дурдона Абдужабборова Польшада ўтказилган сумо бўйича 25-жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Маълумот учун, 7-8 сентябрь кунлари Кротошин шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада 33 давлатдан 200 нафарга яқин спортчи иштирок этган эди.
Шунингдек, мусобақа тарихида илк бор ўзбекистонлик сумочилар халқаро майдонга чиқишди.
Ўзбекистонни (80 килограммгача) бўлган тоифада Абдуқодир Усмонов, Маҳмуджон Мақсудов (115 килограммгача), Фаридахон Тўлашова (73 килограммгача) ва Дурдона Абдужабборова (мутлоқ вазн) тоифасида ҳимоя қилишди.
Мусобақаларда, Дурдона Абдужабборованинг бронза медалини қўлга киритиши ўзбек сумоси учун эътиборли ютуқ бўлди. У ўз тоифасида Эстония, Польша ва Украинадан келган рақиблари билан жангларда иккита ғалаба ва иккита мағлубиятга учраган ҳолда ажойиб маҳорат кўрсатди. Бу ютуқ Ўзбекистон учун сумо бўйича жаҳон чемпионатидаги биринчи бўлди.