Сургил конида стратегик аҳамиятга эга энергетика лойиҳаси амалга оширилмоқда

Қорақалпоғистон Республикасида «Сургил» (СКС) қурилиш лойиҳасининг умумий қурилиш ва монтаж ишлари муваффақиятли якунланди

Сиқув компрессор станцияси Сургил конидаги табиий газ босимини ошириш ва кейинчалик қайта ишлаш мақсадида Устюрт газ-кимё мажмуасига юбориш учун мўлжалланган. Ушбу мажмуада хомашё гази таркибидан ажратиб олинадиган қимматбаҳо компонентлардан полимерлар ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг газни компримирлаш (сиқиш) бўйича йиллик қуввати 1,8 млрд метр куб ёки суткасига 4,8 млн метр куб газни ташкил этади.

Лойиҳанинг бош пудратчиси Enter Engineering компанияси бўлиб, у самарадорлик ва ишончлиликни оширишга қаратилган замонавий технологик ечимларни жорий этиб келмоқда.

Лойиҳага кўра, сиқув компрессор станцияси Baker Hughes компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита параллель ишлайдиган газ ҳайдаш агрегатидан иборат.

Айни вақтда янги қувватларни барпо этиш бўйича умумий қурилиш ва монтаж ишлари якунланган. Газ ҳайдаш агрегатларини ишга тушириш ва созлаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Enter Engineering саҳифасида хабар берилмоқда.

Компрессор станциясининг ишга туширилиши Сургил конида газ қазиб олиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ҳамда Устюрт ГКМ га табиий газни барқарор етказиб бериш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшимча ресурс базасини шакллантириш имконини беради.

Бундан ташқари, янги қувватлар Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси конларидан паст босимли газни сиқишга йўналтириш ҳисобига газ қазиб олишни кўпайтириш учун имкон яратади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш нафақат стратегик, балки муҳим ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Табиий газ қазиб олиш ҳажмининг ўсиши аҳоли, корхоналар ва ижтимоий муассасаларни ишончли энергия манбаи билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, ҳудудларнинг барқарор иқтисодий ривожланишига хизмат қилмоқда.

Янгиликлар