Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида 9,2 млрд доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди
АОКАда 25 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов Ўзбекистонга 2021 йилнинг 11 ойида қанча хорижий инвестиция жалб қилингани ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида 9,229 миллиард доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Инвестициялар бўйича режалар прогнозларга нисбатан 111 фоизга бажарилган.
Буда 7,318 миллиард долларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, 1,910 миллиард долларни халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ташкил этган.
Тармоқлар бўйича:
- энергетика соҳасида — 946 миллион доллар;
- нефть ва газ соҳасида — 658 миллион доллар;
- тоғ-кон металлургияси соҳасида — 628 миллион доллар;
- қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида — 162 миллион доллар;
- тўқимачилик соҳасида — 129 миллион доллар;
- кимё саноатида — 97 миллиоон доллар ўзлаштирилган.
Ҳудудлар кесимида олинганда эса асосий ўсиш Хоразм, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кузатилган.
Маблағларнинг асосий қисми:
- Осиё тараққиёт банки — 25 фоиз (471 миллион доллар);
- Жаҳон банки — 20 фоиз (382 миллион доллар);
- Хитой — 16 фоиз (300 миллион доллар);
- Ислом тараққиёти банки — 5,2 фоиз (99 миллион доллар);
- Япония — 3,9 фоиз (75 миллион доллар) молия институтлари хиссасига тўғри келган.