Навоийда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти захираси учун ажратилган кредит маблағи талон-торож қилингани аниқланди
Ажратилган кредит маблағини талон-торож қилган МЧЖ мансабдорлари ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Хабарга кўра, «Н.» МЧЖ мансабдор шахслари банк муассасасидан ажратилган кредит ҳисобига харид қилинган 1 000 тонна картошка ва 380 тонна пиёз маҳсулотларини сотувидан тушган маблағни кредит қарздорлигини сўндиришга йўналтирмасдан жами 2,5 миллиард сўмни ўзларининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, гўёки ушбу маҳсулотлар яроқсиз ҳолга келиб қолганлигини важ қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти захираси учун ажратилган кредит маблағини талон-торож қилингани Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ, Қашқадарёда кредит маблағини талон-тарож қилган МЧЖ раҳбари аниқланди, деб хабар берган эдик.