Ўзбекистонда 10 ойда талон-тарож қилинган иш ҳақи ва нафақа пуллари очиқланди
Ўзбекистонда 10 ойда иш ҳақи ва нафақа пулларининг 5,8 миллиард сўми талон-торож қилингани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.
Унга кўра, 2024 йилнинг январь—октябрь ойлари давомида бундай ҳолатлар ортидан 71 та жиноят иши қўзғатилди.
Қайд этилишича, бу даврда кредит маблағлари талон-торож қилинишини олдини олиш, муаммога айланган кредит қарздорликларининг қайтарилишини таъминлаш ишлари устидан назорат янада кучайтирилди.
Прокуратура аралашуви билан қарздорликларнинг 11,6 триллион сўми амалда ундирилди, 8,9 триллион сўмлик кредитлар бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланди, 1,6 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида кредит маблағларининг 2,5 триллион сўми талон-торож қилингани аниқланиб, банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 906 та жиноят ишлари қўзғатилди.
2024 йилги инвестиция дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари ўтказилган объектларда қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор берилди. Натижада, 61,2 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар ва 82,1 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари бартараф этилди.
Назорат тадбирлари давомида қонунни бузган 466 нафар шахс интизомий, 1 854 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 262 та жиноят иши қўзғатилган ва давлатга етказилган 71 миллиард сўм зарар ундирилган.