Фавқулодда вазиятларда телекоммуникация тармоқларини бошқариш қоидалари тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Фавқулодда вазиятларда телекоммуникация тармоқларини марказлашган ҳолда маъмурий бошқариш тизими тоғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди. Бу ҳақида «Норма» хабар берди.

Телекоммуникациялар тармоқларини марказлашган ҳолда маъмурий бошқаришнинг мақсадлари:

• фавқулодда ҳолат ва вазиятларнинг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш имкониятини таъминлаш;

• давлат бошқаруви, ҳуқуқ-тартиботни, давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини таъминлашда алоқа билан узлуксиз ҳамда барқарор таъминлаш.

Фавқулодда ҳолат ва вазиятларда телекоммуникация тармоқлари Рақамли технологиялар вазирлигининг Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази томонидан махсус истеъмолчилар, телекоммуникациялар ва идоравий тармоқлар операторларининг бошқариш марказлари билан биргаликда марказлашган ҳолда маъмурий бошқарилади.

Махсус истеъмолчилар — Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Президент давлат хавфсизлик хизмати, ДХХ, Миллий гвардия ва Электрон технологияларни ривожлантириш маркази.

Рақамли технологиялар махсус ваколатли орган томонидан фавқулодда ҳолат ва вазиятларда телекоммуникация оператор ҳамда провайдерларининг тармоқлари ва воситаларидан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолатларда қабул қилинади:

• махсус истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун бўш телекоммуникация ресурслари ва воситалари мавжуд бўлмаганда;

телекоммуникация тармоқларида юкланиш ортиб кетишининг олдини олиш зарур бўлганда;

• фавқулодда ҳолат ва вазиятлар ҳудудида ишга жалб қилинадиган радиоэлектрон воситалар ишида электромагнит мослашувини таъминлаш зарур бўлганда.

Фавқулодда ҳолатларда Рақамли технологиялар вазирлиги телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш тўғрисидаги қарор президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони билан фавқулодда ҳолат даврига тузиладиган Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси қарорига мувофиқ қабул қилинади.

Қарорлар