Ўзбекистонда сувда ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг максимал тезлиги 40 км/соатгача чекланди

2025 йил 1 майдан бошлаб тезликни автоматик пасайтириш ускунаси, GPS-ускуналари билан жиҳозланган ҳамда миллий GPS мониторинги ва навигация тизимига уланган сув транспорти воситаларидан (ички ёнув двигатели ва электр моторли) фойдаланишга рухсат берилади.

Сув транспортининг рухсат этилган максимал тезлиги соатига 40 км, турар-жой бинолари чегараларида тўхташ жойларида тезлик 20 км / соатига, пляжлар ва оммавий дам олиш жойлари чегараларида — 5 км / соатига деб белгиланди.

Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслардан сув транспортидан (электр автотранспортидан ташқари) фойдаланиш натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши учун ҳар йили қуйидаги миқдорда компенсация тўловлари ундирилади:

• 10 БҲМ — моторли қайиқлар ва гидроцикллар учун;
• 15 БҲМ — катерлар учун;
• 25 БҲМ — яхталар учун.

Моторли (ички ёнув двигателли) сув транспорти воситаларини (шу жумладан, эксплуатация қилинаётганларини) йиллик техник кўрикдан ўтказиш компенсация тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда амалга оширилади.

Маълум қилинишича, ушбу чора-тадбирлар сув хавзаларида туризм хизматларини жадал ривожлантириш, шунингдек, фукаролар хаёти ва хавфсизлигини таъминлаш хамда сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва улардан окилона фойдаланишга қаратилган.

 

Қарорлар