«Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич жорий этилади
Тошкент шаҳри ва 15 та туманда «Электрон рецепт» тизимини жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларининг етакчи шифокорлари, тегишли идоралар вакиллари ва соҳа экспертлари иштирокида учрашув ўтказилган.
Унда «Электрон рецепт» тизимини жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартибини белгилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди, — дейилади хабарда.
Шунингдек, хафтанинг ҳар жума куни тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари ҳамда бошқа тегишли мутахассислар иштирокида ушбу очиқ йиғилишлари ўтказилиши белгиланди.
Маълум қилинишича, беморларни даволаш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида, маълум бир тиббиёт муассасасида зарур дори воситаси йўқ бўлган ҳолларда, шифокор рецепт ёзиб беради. Тегишли маълумотларни расмийлаштириш ва электрон тизимга киритиш эса дорихона муассасасининг фармацевти томонидан амалга оширилади.
Фуқаро дорихонага мурожаат қилганда, дори воситаси фармацевт томонидан электрон рецепт, QR-кодли ҳужжат ёки ЖШШИР асосида берилади.
«Электрон рецепт» тизими асосида бериладиган дори воситаларининг рўйхати босқичма-босқич шакллантирилиб, бунда алоҳида рўйхатлар ижтимоий хавф ва соҳада юзага келадиган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир босқичда Экспертлар кенгаши томонидан тайёрланади ҳамда тасдиқланади.
Тизимли таъсирга эга антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар ҳамда гормонал дори воситалари учун электрон рецепт мажбурий бўлишини назарда тутувчи биринчи босқич белгиланади.
Чет эл фуқаролари эса электрон рецепт олиш учун умумий шартларда давлат тиббиёт муассасаларида рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида туну кун ишлайдиган 1003 қисқа рақамли «Сall-марказ» фаолият юритмоқда. Фуқаролар у орқали «Электрон рецепт» тизими билан боғлиқ барча масалалар бўйича маслаҳат ва тушунтиришлар олиш имконига эга.





