Йил бошидан буён Тошкентдаги мактабларнинг бирида 54 та жиноят содир этилган
2024 йилнинг январь-октябрь ойларида Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида 50 дан ортиқ жиноят содир этилган. Бу ҳақда ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова маълум қилди, дея «Дарё» хабар берди.
Тегишли тадбирда сўзга чиққан Раҳимова таъкидлаганидек, пойтахт мактабларидан бирида 17 та, бошқасида 54 та жиноят содир этилган.
Энди бу мактаблар билан нима қилиш керак? Директорларни ишдан бўшатиб юборсангиз, бу муаммо ҳал бўладими? Тошкентдаги барча 325 та мактаб директорларини ишдан бўшатиб, янгиларини тайинласак, бу муаммога ечим бўладими? Бу мактабларда жиноятга барҳам бериладими? – деди Раҳимова.
Шу йилнинг апрель ойида содир бўлган воқеа мисол қилиб келтирилди. Миробод туманидаги 94-умумтаълим муассасаси ўқувчилари ўртасида жанжал келиб чиқиб, ўсмирлардан бири оғир тан жароҳати олган.
Дурдона Раҳимованинг таъкидлашича, айни пайтда Тошкент шаҳридаги мактабларда 15 минг нафар синф раҳбари фаолият юритмоқда. Улар ижобий натижаларга эришиш учун ўқувчиларнинг 800 минг нафар ота-оналари билан ишлашлари керак, деди у.