Aндижон туманида 2,2 млрд сўмга қурилган янги врачлик пункти очилди (фото)
Aндижон тумани Қўнжи қишлоғида янги врачлик пункти фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, мазкур объектда 2 миллиард 200 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Икки қаватли тиббиёт масканида 9 та маҳаллада яшовчи 18 мингга яқин аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилади.
Янги бинода лаборатория ва ижтимоий дорихона мавжуд. Aйни кунда қишлоқ врачлик пунктида 7 нафар шифокор, 22 нафар патронаж ҳамшира ҳамда 9 нафар ҳамшира хизмат кўрсатмоқда.
«Коронавирус пандемияси даврида врачлик пунктига «Damas» автомобили ажратилган. Истмалаётган, кекса ва сурункали касалликлар билан оғриётган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Бу билан тез тиббий ёрдамга муҳтож беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиляпти», — дейди қишлоқ врачлик пункти мудири Бектемир Зокиров.
Aввалроқ Пахтаободда 6 та йўналишда таълим берувчи касб-ҳунар мактаби очилгани ҳақида хабар берилганди.