«Bloomberg» Ўзбекистонни АҚШ компаниясидан интернетни цензураловчи ускуналар сотиб олганликда айблади
«Bloomberg» нашри Ўзбекистонни АҚШ компаниясидан интернетни цензураловчи ускуналар сотиб олганликда айблади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон АҚШда жойлашган «Sandvine» компаниясидан веб-сайтларни ва ижтимоий тармоқларни блоклай оладиган технологияларни сотиб олган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миср, Россия ва Афғонистон билан биргаликда мазкур компаниядан интернет фойдаланувчиларининг веб-сайт браузерлари тарихи бўйича маълумот йиғувчи технологияларни ҳам харид қилган.
«Bloomberg»нинг ёзишича, Ўзбекистон «Sandvine Inc.» компаниясидан сотиб олган интернет трафикни бошқарадиган технологиялар интернетни цензура қилишда ҳам ишлатилиши мумкин.
Шунингдек, «Bloomberg» «Sandvine»нинг собиқ ва амалдаги ишчилари ва компания ҳужжатларига асосланган ҳолда Жазоир, Афғонистон, Озарбайжон, Миср, Эритрея, Иордания, Қувайт, Покистон, Қатар, Россия, Судан, Таиланд, Туркия, БАА ва Ўзбекистон каби давлатлар асосан трафикни бошқаришга мўлжалланган қурилмалардан сўнгги йилларда интернетни цензура қилишда фойдаланган.
Маълумот учун, «Sandvine» ускунлари юқори даражадаги интернет маълумотларининг давлатларга кириб келиши ва чиқиб кетишини бошқаришда фойдаланилади. Компаниянинг «Deep packet inspection» (Пакетларни чуқур текшириш) дея номланадиган қурилмаси спам ва вирусларни блок қила олади. Лекин компания мазкур қурилма орқали веб-сайтлар ва мессенжерларни блок қилиш мумкинлиги маълум қилган.
Таъкидланишича, Таиландда қироллик оиласини танқид қиладиган сайтларни блоклашда «Sandvine» технологияларидан фойдаланилган. Миср ва Ўзбекистон мазкур технологиялардан мустақил янгиликлар веб-сайтларини блоклашда қўллаган.
Рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи «Qurium Media Foundation» гуруҳи вакили сўнгги ўн йилликда ташкилот Миср, Озарбайжон, Иордания ва Ўзбекистондаги мустақил ОАВга ёрдам берганини айтган.
«Ушбу давлатларда операторлар «Sandvine» технологияларидан кўплаб мустақил ОАВ веб-сайтларини блоклашда фойдаланишади», дейди Торд Люднстром.
Маълумот ўрнида, июль ойида ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчилари ижтимоий тармоққа кириш билан боғлиқ муаммолар кузатилганини таъкидлаган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Facebook ва YouTube’га кириш билан боғлиқ муаммолар 2019 йил охири 2020 йил бошида бир неча ой мобайнида ҳам кузатилган. Расмийлар мазкур ҳолатларни телекоммуникация ускуналарини янгилаш ва тайинланган номлар ва рақамлар бўйича интернет-корпорацияси — ICANN’нинг криптографик калитини ўзгартириш билан изоҳлаган.
Бундан аввал Ўзбекистонда Facebook’га кириш қийинлашгани юзасидан мутасаддилар изоҳ берган эди. Сўнгра Ўзбекистонда iOS фойдаланувчилари оммавий тарзда VPN иловасини ўрнатаётгани маълум бўлди. Шунингдек, Форбес колумнисти Мелик Кайлан 30 сентябрь куни Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақидаги навбатдаги мақоласини эълон қилганди.