Ўзбекистонда iOS фойдаланувчилари оммавий тарзда VPN иловасини ўрнатаётгани маълум бўлди

«App Annie» мобиль аналитика хизматининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда iOS фойдаланувчилари оммавий тарзда VPN иловасини ўрнатмоқда, деб ёзади «Spot.uz».

Фото: «Fortune»

17 август куни энг кўп юкланган 5 та иловадан 4 тасини VPN ташкил қилган. Айни ҳолат охирги 3 йилда илк марта кузатилмоқда:

Фото: «Spot»

Android фойдаланувчилари томонидан VPN иловасига қизиқиш нисбатан камлиги маълум бўлди.

Ўзбекистонда мобиль VPN июль ойининг бошида қайтатдан оммалаша бошлаган. Бу Facebook’га киришда муаммолар юзага келгани билан боғлиқ.

Август ойидан бошлаб эса муайян фойдаланувчилар Instagram’га киришда ҳам муаммолар пайдо бўлганини маълум қила бошлаган. Буни Downdetector хизматининг маълумотлари ҳам тасдиқлайди:

Фото: «Spot»

Бу Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларга кира олмаганлик сабаб VPN оммалашиши бўйича биринчи ҳолат эмас. 2018 йил кузда ҳам бу каби ҳолат содир бўлган. 2019 йил январда муаммолар бартараф этилган эди.

2019 йил августда эса ўша вақтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари бўлган Комил Алламжонов «Alter Ego» лойиҳаси доирасида Кирилл Альтманга муаммонинг ҳал бўлишида агентликнинг ҳиссаси борлигини маълум қилган. Facebook ва YouTube’ни ким блоклагани ҳақидаги саволга Комил Алламжонов «Улар аллақачон қамоқда», деб жавоб қайтарган.

У, шунингдек, VPN барча ресурсларни очиб бериш эвазига хавфсизлик тизимини бузишига ҳам эътибор қаратган. Агентлик раҳбари агар ҳамма VPN ишлатишни бошласа, давлат террорчилик сайтлари, конституцияга зид бўлган турли ташвиқот сайтлари ёки гиёҳванд моддалари савдоси билан шуғулланувчи сайтларнинг устидан назорат ўрната олмай қолишини айтган.

Аввалроқ Комил Алламжонов журналист ва блогерларнинг «овозини ўчириш» хориждаги душман ОАВларига йўл очиб беришини таҳлил қилгани ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар