Булунғурда танқидий мақола ёзиш билан қўрқитиб, 2 ташкилотдан 1,2 млн сўм ундирган сохта блогерга жазо тайинланди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида танқидий мақола ёзиш билан қўрқитиб, 2 ташкилотдан 1 миллион 280 минг сўм пул олган сохта блогерга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, ўзини блогер деб таништирган фуқаро Д.Р. 2020 йилнинг май—июль ойларида ижтимоий тармоқларга «Булунғур деҳқон бозори» масълулияти чекланган жамияти фаолияти бўйича 3 марта танқидий ва нотўғри мақолалар ёзган.

Мазкур мақолаларни оммага ошкор этмаслик эвазига бозор раиси И.С.дан ўзининг номига очилган пластик картасига пул маблағлари ўтказиб беришни талаб қилган ва 2020 йил июль—август ойларида жами 980 минг сўм пулни ўзлаштиришга эришган.

Шунингдек, сохта блогер 2020 йилнинг август ойида «Булунғуртумангаз» филиали суюлтирилган углеводорли газ фаолияти бўйича ижтимоий тармоқларга бир маротаба танқидий мақола ёзган. Кейинчалик яна салбий мазмундаги мақолалар ёзиб, уни оммага ошкор этмаслик эвазига «Булунғуртумангаз» филиали мутахассиси С.Ҳ.дан ўзганинг номига очилган пластик картасига пул маблағлари ўтказиб беришни талаб қилган ва 2020 йил 10 август куни 300 минг сўм пулни ўзганинг пластик картасига ўтказилишга эришган.

Кадр: Telegram

Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди ўз биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида томонлар фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини таҳлил қилган ҳолда судланувчи Д.Р.ни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топган. Судланувчига Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бундан аввал Пастдарғомда аҳолидан салкам 60 миллион сўмни газ тўлови учун йиғиб, давлатга топширмаган иш бошқарувчи ушлангани ва Сирдарёда фуқаро қарздорликни ундириш учун борган газ идораси ходимини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Самарқандда ухлаб ётган акасини ўлдириб, жасадни бўлакларга бўлган ҳолда каналга оқизиб юборган ука қўлга олингани ҳамда Чортоқда алимент тўламаслик учун хотинини бўғиб ўлдирган эр 17 йилга қамалгани маълум қилинганди.

Янгиликлар