Фарғонада видеокузатув орқали 1150 нафар ниқобсиз фуқаро аниқланди

Фарғона вилоятида 20 октябрь куни видеофотофиксация воситалари орқали 1150 нафар ниқобсиз фуқаро аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда таъкидланишича, вилоят ҳудудидаги видеофотофиксация воситаларидан самарали фойдаланиш натижасида 20 октябрь куни 1150 нафар ниқобсиз шахснинг фото-видео суратлари олиниб тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, фотосуратга олинган ниқобсиз фуқароларнинг шахси махсус базада аниқланиб, ИИО ва Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Ушбу баённомани эса, фуқаронинг яшаш хонадонига почта орқали юборилади.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 17 октябрь кунидан Республикада биринчи марта Фарғонада жамоат жойларида карантин қоидаларига амал қилмай ниқобсиз ҳаракатланган фуқароларни видеофотофиксация воситалари орқали аниқлаш амалиёти йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада видеокузатув орқали 1200 дан ортиқ ниқобсиз фуқаро аниқлангани ҳамда Фарғонада видеофотофиксация орқали ниқобсиз юрган 156 нафар фуқаро жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар