Наманганда «Spark» олиб беришини айтиб, танишини 4 минг долларга «ухлатган» эркакка жиноят иши қўзғатилди
Наманган вилояти Чортоқ туманида «Spark» олиб беришини айтиб, фуқарони 4 минг долларга «ухлатган» эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Чортоқ туманида яшовчи фуқаро 1 октябрда ИИБга қилган мурожаатида бу ҳақда маълум қилган. Унга кўра, май ойида туманда яшовчи, 1990 йилда туғилган шахс унинг ишончига кириб, 1 ой ичида «Spark» русумли автомашина олиб беришини айтгaн. Маълум қилинишича, ундан 4 минг доллар олиб кетиб, шу кунга қадар алдаб келган.
Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 10 октябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.