Наманганнинг бир нечта туманидаги 10 минг гектар қўриқ ерлар ўзлаштирилади (фото)
Наманган вилоятининг бир нечта туманидаги 10 минг гектар қўриқ ерлар ўзлаштирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Чортоқ туманининг ўзида бу кўрсаткич 4 минг гектарни ташкил этади. Aдирда шафтолизор ва бодомзор боғларини ташкил этиш ишлари 350 гектарлик ерда бошланди. Aлихон қишлоғи ёнидаги қирларда эса 350 гектарлик узум плантацияси ташкил этиш чора тадбирлари ишлаб чиқилди. Косонсойда ҳам Худойбердиев ҳудудидаги текис ерларда 2021 йилдан кўплаб гектарда пахта етиштирилади. «ArtSoftKlaster» Мингбулоқда 750 гектар ерни текислаб, атрофидаги зовурларни тозалаб, буғдой экишга тайёрлаб бўлган.
Ўзбекистон фанлар академияси бўлим бошлиғи, биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов лойиҳаси бўйича Чоркесар ҳудудида пояси чорва учун озуқабоп ва гули экспортбоп экин экишнинг илмий асоси ишлаб чиқилган.
Aввалроқ Фарғона вилояти ҳокимлиги 1000 гектар қўриқ ерда деҳқончиликни йўлга қўядиган депутатга «Gentra» совға қилгани ҳақида хабар берилганди.