Ўзбекистон туманида очилган касб-ҳунар мактаби 220 нафар битирувчини қабул қилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 9 октябр куни 1-сонли касб-ҳунар мактаби ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу мактабнинг очилишига Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асос бўлган. Мазкур касб-ҳунар мактаби 2020—2021 ўқув йили учун 220 нафар 9-синф битирувчиларини қабул қилган.

Фото: Ўзбекистон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Мактабда ўқувчилар икки йил давомида умумий ўрта таълим йўналишлари билан бир қаторда, тикувчилик, электромонтёрлик, пайвандчи, сартарошлик ва ғишт терувчилик каби бешта касб-ҳунар сирларини ўрганади.

Хабарга кўра, Ўзбекистон тумани ҳокими Қахрамонжон Жураев мактабдаги шароитлар билан танишиб, ўқувчилар ва уларнинг устозлари билан суҳбатлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон туманида 1,5 мингга яқин тижорат корхонаси рўйхатдан ўтказилганди. Шунингдек, Олтиариқда салкам 4 млрд сўмга таъмирланган мактаб фойдаланишга топширилганди.

Янгиликлар