Ўзбекистонда пенсия тайинлашда талаб қилинадиган ҳужжатлар қисқартирилди

Ўзбекистонда қарияларга пенсия тайинлашда талаб қилинадиган ҳужжатлар қисқартирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёевнинг «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан фуқаролардан 28 турдаги маълумотномани талаб этиш тақиқланган.

Жумладан, фуқароларга пенсия тайинлашда пенсия жамғармаси туман ва шаҳар бўлимлари томонидан қуйидаги 6 турдаги ҳужжатлар талаб қилинмайди:

  • турар жойда яшовчи шахслар кўрсатилган ҳолда маълумотнома;
  • оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома;
  • қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари борлигини тасдиқловчи маълумотнома;
  • вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотнома;
  • шахсий ёрдамчи хўжалигида қорамол мавжудлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотнома;
  • дафн ўтказилганлиги ҳолатини тасдиқлаш учун маълумотнома.

Бундан аввал Наманганда центябр ойидан салкам 300 минг нафар пенционерга оширилган миқдорда нафақа тўланиши ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда пенсия жамғармасига Телеграм орқали мурожаат қилиш имкони яратилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар