ЎзЖОКУда 1-курс талабалари учун танишув дарслари бошланди (фото)
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида 12 октябрь, душанба кунидан 17 октябрь, шанба кунигача ўқишга қабул қилинган биринчи курс талабалари учун танишув дарслари анъанавий шаклда ўтказилади. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, университет томонидан талабалар ОТМга келиб яқиндан танишишлари учун ҳар битта йўналиш бўйича маълум бир кун белгиланган.
Тайёрланган график асосида 12 октябрь куни Босма ОАВ ва Спорт журналистикаси, 13 октябрь куни Ҳарбий журналистика ва Телерадиожурналистика, 14 октябрь куни Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар ва Халқаро журналистика, 15 октябрь куни Медиадизайн ва Медиамаркетинг ва реклама, 16 октябрь куни Интернет журналистика ва Сиёсатшунослик, 17 октябрь куни эса сиртқи таълим шаклининг Босма ОАВ, Телерадиожурналистика ва Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишларига қабул қилинган талабалар соат 09:00 дан 12:00 гача 2 пара дарсда қатнашади.
Биринчи парада талабаларга университет ҳақида тайёрланган презентация тақдим этилади. Бундан ташқари, талабаларни университетда ўқиш қоидалари, гуруҳ раҳбарлари билан яқиндан таништириш, онлайн-платформа ҳақида етарлича маълумот ва ундан қай тарзда фойдаланиш ҳақида тушунча бериш режалаштирилган. Иккинчи пара эса талабанинг мутахассислиги бўйича таниқли журналистлар томонидан олиб борилади.
Қайд этилишича, 13 октябрь, сешанба куни университетнинг Ҳарбий журналистика ва Телерадиожурналистика йўналишларига қабул қилинган талабалар илк маротаба талаба сифатида муассасага келган. Талабаларни илмий ишлар ва инновациялар бўйича университет проректори Нозима Муратова қутлаб, уларга яхши ниятлар билдирган. Бундан ташқари, 1-курс талабаларини ўқиш билан табриклаш ва уларга омад тилаш учун Асрор Аброрхўжаев, Муҳаббат Ҳамроева ва Нилуфар Умурзоқовалар ташриф буюрган.
Бундан аввал Судьялар олий мактаби магистратура босқичида 2020/2021 ўқув йили бошлангани ва Пешкудаги барча мактаблар анъанавий таълим шаклида фаолият бошлагани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Бухорода 100 та давлат боғчаси фаолияти тиклангани ҳамда Ўзбекистон академик лицейларида 15 октябрдан анъанавий дарслар бошланиши маълум қилинганди.