Риштонда туман ҳокимлигидан фуқарога 148 млн сўм ундирилди

Фарғона вилояти Риштон туманида мажбурий ижро бюроси туман ҳокимлигидан фуқаро фойдасига 148 миллион ундирди. Бу ҳақда ЎзA хабар берди.

Таъкидланишича, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг ижро варақасига асосан жавобгар туман ҳокимлигидан даъвогар Бахтиёр Исоқов фойдасига 148 миллион 15 минг сўм ундириш белгиланган бўлиб, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан ижро иши юритуви қўзғатилган.

Ҳукумат дастури асосида 2019 йил июль—август ойларида Риштон тумани марказида жойлашган «Деҳқон бозори» ва «Саноат моллари бозори» ҳудудида олиб борилган реконструкция ишлари жараёнида Бахтиёр Исоқовга тегишли бўлган савдо дўкони давлат ва жамоат манфаатлари учун олиб қўйилган. Бунинг учун олдиндан компенсация пуллари тўлаб берилмаган. Шу сабабли Бахтиёр Исоқов судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Қайд этилишича, ижро ҳужжати бўйича ундирув Риштон туман ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши лозимлиги сабабли суднинг ижро варақаси тегишли қарор билан биргаликда туман ҳокими номига юборилган. Мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида Риштон туман ҳокимлигининг пул маблағлари ҳисобидан Бахтиёр Исоқов фойдасига 148 миллион сўм қарздорлик пул маблағлари нақд шаклда ундириб берилди.

Aввалроқ Карманада МИБ 80 нафар фуқарога 332 миллион сўмлик иш ҳақини ундиргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар