Самарқандда хўрозларни пул тикиб уриштириш учун тузилган «арена» фош этилди

Самарқанд шаҳрида фуқаро «арена» кўринишида жой қилиб, хўрозларни пул эвазига уриштириб, қимор ўйини ташкил қилганлиги аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Самарқанд Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳрининг Минск кўчасида, Давлат хавфсизлик хизматлари вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида Булунғур кўчасида яшовчи 1972 йилда туғилган Ш.А. Минск кўчасида жойлашган уйларнинг бирида «арена» кўринишида жой қилиб, хўрозларни пул эвазига уриштириб, қимор ўйини ташкил қилганлиги аниқланди.

Суриштирувлар давомида 13 нафар фуқаролар ўзларига тегишли бўлган хўрозларини уриштириш мақсадида олиб келганлиги аниқланиб белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Қайд этилишича, Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тадбир давомида хўроз уриштириш томошасига келган 476 нафар фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг жиноятга алоқадорлиги текширилди ва ушбу шахсларга тегишли 132 та транспорт воситаларининг ҳужжатлари кўздан кечирилди.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда январь—август ойларида хотин-қизлар томонидан 183 та жиноят содир этилганлиги ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар