Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали директори вафот этди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали директори Нусрат Муродов 19 октябрь куни 52 ёшида вафот этди. Бу Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати

«Tez News» манбасининг маълум қилишича, Нусрат Муродов буйрак етишмовчилиги билан касалланган ва операция жараёнида вафот этган.

Нусрат Муртазоевич Муродов 1968 йил 5 май куни Бухоро вилояти Жондор туманида туғилган. 1992 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини тамомлаган, техника фанлари доктори, профессор. «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 25 йиллиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Нусрат Муродов меҳнат фаолиятини 1984 йилда Жондор туманидаги Навоий ширкат хўжалиги ишчиси сифатида бошлаган. 1998—2000 йилларда Бухоро давлат университети Қишлоқ хўжалигини механизациялаш кафедраси ўқитувчиси, 2008—2009 йилларда Бухоро давлат университети магистратура бўлими бошлиғи, 2010—2018 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали Гидромелиорация факультети декани лавозимларида ишлаган. 2018 йилдан буён филиал директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Aввалроқ «Ватанпарвар» ташкилоти Бухоро вилояти кенгаши раиси вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ёзувчи Эврил Турон 80 ёшда вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар