Жондорда 7 та йўналишда таълим берувчи 2 та касб-ҳунар мактаби анъанавий шаклда фаолиятини бошлади (фото)
Бухоро вилояти Жондор туманида 2 та касб-ҳунар мактаби анъанавий таълим шаклида ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2020—2021 ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган ўқувчиларнинг касб-ҳунарга қизиқишини инобатга олиб, 1-сон касб-ҳунар мактабига 213 нафар ўқувчи 7 та йўналиш бўйича ўқишга қабул қилинган. Шунингдек 2-сон касб-ҳунар мактабига 227 нафар ўқувчи 7 та йўналиш бўйича биринчи босқичга ўқишга қабул қилинган.
Барча йўналишлар бўйича тумандаги ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган бўлиб, ўқувчилар бевосита ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ташкилотларда амалга оширади.
Аввалроқ Вобкентда янги касб-ҳунар мактаби фаолият бошлангани ҳақида хабар берилганди.