Вобкентда янги касб-ҳунар мактаби фаолият бошлади (фото)
Бухоро вилояти Вобкент туманида 2 октябрь, жума куни 1-сонли касб-ҳунар мактаби ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, очилиш маросимида иштирок этган туман ҳоким бўлажак талабаларга ўз миннатдорчиликларини билдириб, ўқиш жараёнларида, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, касб- ҳунарни мукаммал ўрганишларига омад тилаган.
Шундан сўнг туман ҳокими лентани кесиб, касб- ҳунар мактабининг биринчи талабаларини мактабга таклиф қилган. Бундан ташқари, ҳоким касб-ҳунар мактабидаги ўқув хоналарини кўздан кечириб, мутахассис ўқитувчилар билан суҳбат ўтказган.
Аввалроқ Ургутда 300 ўринли қайта қурилган мактаб фойдаланишга топширилгани ҳамда Риштонда 2 миллиард сўмдан зиёд маблағга капитал реконструкция қилинган мактаб фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.