Бешариқда 900 ўринли касб-ҳунар мактаби очилди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида 900 ўринли касб-ҳунар мактаби очилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бешариқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бешариқ енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи негизида Бешариқ тумани 1-сонли касб-ҳунар мактаби ташкил қилинган. Касб-ҳунар мактабида кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялаштирилган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Касб-ҳунар мактаби 2020—2021 ўқув йилида асаларичи, автомобилларни таъмирлаш чилангари, сартарош, электромонтёр йўналишлари бўйича ўқувчиларни ўқишга қабул қилган. Мактаб 900 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2020—2021 ўқув йилида таълим олиш учун жами 230 нафар ўқувчи қабул қилинган. Касб-ҳунар мактабида ҳозирги кунда 40 нафар ўқитувчи ва ходимлар фаолият олиб боради.

Фото: Бешариқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, пандемия шароитида ўқув жараёнини бошлаш бўйича ота-оналардан сўровномалар олинди. Сўровномада иштирок этган ота-оналарнинг 186 нафари (88,9 фоиз) мактабни анъанавий шаклда давом эттириш тарафдори эканлиги аниқланган.

Шунингдек, Бешариқда 14 октябрь куни касб-ҳунар мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтган. Тадбирда таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Қамбаров педагогик жамоа, ота-оналар, ўқувчиларни мактаб очилиши билан табриклаган. Бундан ташқари, ўқувчилар томонидан бадиий дастур намойиш этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Данғарада салкам 300 ўқувчига, Фурқатда эса 1200 ўқувчига таълим берадиган касб-ҳунар мактаби очилгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон туманида очилган касб-ҳунар мактаби 220 нафар битирувчини қабул қилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар