Қоровулбозорда янги касб-ҳунар мактаби фаолиятини бошлади (фото)

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида янги касб-ҳунар мактаби фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Қоровулбозор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, ўқувчилар касб-ҳунар мактабига карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда икки метр масофа сақлаб, қўлларини антисептик воситалар ёрдамида дезинфекциялаб киритилган. Ўқувчилар касб-ҳунар мактабига белгиланган тартибда турли вақтларда, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда кириб-чиқишлари ва дарсларда иштирок этишлари учун намунавий схема ишлаб чиқилган.

Фото: Қоровулбозор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, бу жараён маҳалла, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари, мактаб маъмурияти, гуруҳ раҳбарлари томонидан доимий назоратга олинган. Шунингдек, мактаб директори дарс мобайнида ҳам, танаффусларда ҳам уларнинг белгиланган санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари доимий эътиборда бўлишини алоҳида таъкидлаган.

Фото: Қоровулбозор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, касб-ҳунар мактаби очилишида тадбир ташкиллаштирилган. Тадбирни очиб бериш учун сўз касб-ҳунар мактаби директори Улуғбек Расуловга берилган. У ўқувчиларни касб-ҳунар мактабининг шароитлари билан таништирган. Касб-ҳунар мактабида ўқув-тарбия жараёни давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади. Ўқитиш усуллари ўқитувчилар ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан белгиланади.

Фото: Қоровулбозор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ишлаб чиқариш таълими ҳамда ишлаб чиқариш амалиёти ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарида, лабораторияларда, касб-ҳунар мактабининг ўқув хўжаликларида, шунингдек, тузилган шартномаларга кўра корхоналарда амалга оширилади. Касб-ҳунар мактабларининг афзаллиги, бу ерда икки йил давомида умумтаълим ва мутахассислик фанлари интеграциялашган дастурлари асосида ўқитилади. Ўқувчига ўзи танлаган касб бўйича билим берилади.

Аввалроқ Ургутда 300 ўринли қайта қурилган мактаб топширилгани ҳамда Риштонда 2 миллиард сўмдан зиёд маблағга капитал реконструкция қилинган мактаб фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар