Учкўприкда 650 нафар ўқувчига мўлжалланган янги касб-ҳунар мактаби очилди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 650 нафар ўқувчига мўлжалланган янги касб-ҳунар мактаби фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур янги касб-ҳунар мактаби тумандаги транспорт коллежи негзида ташкил этилган. Ушбу касб-ҳунар мактаби 650 ўринга мўлжалланган бўлиб, тикувчилик, қурилиш машиналари оператори, қишлоқ ҳўжалиги машиналарини таъмирлаш чилангари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича ёшларга касб-ҳунар ўргатилади. Шунингдек, мактабга 2020/2021 ўқув йилида жами 253 нафар ўқувчи қабул қилинган.
Қайд этилишича, касб-ҳунар мактабида фаоллар зали, ўқув зали бўлган ахборот кутубхона маркази, замон талаби асосида жиҳозланган биология, кимё, физика лаборатория хоналари мавжуд. Aмалий машғулот олиб бориш учун барча зарур анжомлар билан таъминланган ўқув устахоналари ташкил этилган.
Хабарда айтилишича, ўқишни тугатганидан сўнг ўрта махсус маълумоти тўғрисидаги дипломга эга бўладиган битирувчилар Қўқон эркин иқтисодий зонасидаги йирик саноат корхоналарига ишга қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Данғарада салкам 300 ўқувчига, Фурқатда эса 1200 ўқувчига таълим берадиган касб-ҳунар мактаби очилгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон туманида очилган касб-ҳунар мактаби 220 нафар битирувчини қабул қилгани хабар қилинганди.