Учкўприкда 1000 дан ортиқ ўринга эга касб-ҳунар мактаби очилди (фото)
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 13 октябрь, сешанба куни 1050 ўринли 1-сон касб-ҳунар мактаби ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, касб-ҳунар мактаби 2020—2021 ўқув йили учун 385 нафар 9-синф битирувчиларини қабул қилган. Мактабда ўқувчилар икки йил давомида умумий ўрта таълим йўналишлари билан бир қаторда, тикувчилик, электромонтёрлик, пайвандчилик, автомобилларни таъмирлаш чилангари ва рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси, сотувчи, назорат кассир каби касб-ҳунар сирларини ўрганади.
Мазкур мактаб очилишига Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асос бўлган.
Мактабнинг очилишида иштирок этган туман фаоллари мазкур масканда яратилган шароитлар билан танишиб, ўқувчилар ва уларнинг устозлари билан суҳбатлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Данғарада салкам 300 ўқувчига, Фурқатда эса 1200 ўқувчига таълим берадиган касб-ҳунар мактаби очилганди. Шунингдек, Ўзбекистон туманида очилган касб-ҳунар мактаби 220 нафар битирувчини қабул қилгани хабар қилинганди.