Замонавий технологиялар ва чекиш: зарарларни қисқартириш йўллари
Technovation конференциясида тамаки саноатидаги сўнгги илмий ишланмалар ва тутунсиз маҳсулотлар истиқболлари муҳокама қилинди

Мутахассислар қайд этишича, жаҳон тамаки саноати таркибий ўзгаришлар босқичига кирган. Ишлаб чиқарувчилар ёнув жараёнисиз никотин истеъмол қилиш имконини берувчи маҳсулотларга инвестицияларни оширмоқда. Philip Morris International (PMI) маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида Европада 13 млн нафардан ортиқ, Осиё, Африка ва МДҲ мамлакатларида эса 7 млн нафардан зиёд одам тутунсиз маҳсулотларга ўтган.
Асосий хавф — ёнув жараёни
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) баҳолашича, ўпка саратони ҳолатларининг 85% бевосита сигарет чекиш билан боғлиқ. Париждаги Пьер ва Мари Кюри университети профессори Давид Хаятнинг айтишича, ўпка саратони ташхиси қўйилган беморларнинг 64% ҳатто даволаниш жараёнида ҳам чекишни ташлай олмайди.
Унинг таъкидлашича, чекишдаги асосий зарар никотиндан эмас, балки 6 мингдан ортиқ токсик ва потенциал хавфли моддалар ҳосил бўладиган ёнув жараёни билан боғлиқ. Замонавий тамакини иситиш тизимлари зарарли моддалар миқдорини 90–95%гача камайтириши мумкин, бироқ хавфларни тўлиқ бартараф этмайди.
Мутахассислар «ҳаммаси ёки ҳеч нарса» ёндашуви ҳар доим ҳам самарали эмаслигини, айрим ҳолатларда зарарни камайтириш стратегияси муқобил ечим бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Тутунсиз маҳсулотлар ва чекиш даражаси
PMI маълумотларига кўра, компания бизнесининг тахминан 40% аллақачон тутунсиз маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади. Илмий тадқиқотлар ва ишланмаларга йўналтирилган инвестициялар ҳажми $14 млрддан ошган.
Экспертлар қайд этишича, Швеция, Япония ва Янги Зеландия каби давлатларда инновациялар, аҳолини хабардор қилиш ва мўътадил солиқ сиёсати уйғунлашган шароитда чекиш даражаси пасаймоқда. Хусусан, Японияда тамакини иситиш тизимлари бозорга кирганидан сўнг сўнгги 10 йилда сигарет савдоси икки баробарга камайган.
Шу билан бирга, Ҳиндистон, Туркия ва Вьетнам каби мамлакатларда тутунсиз муқобил маҳсулотлар тақиқлангани сабабли сигарет истеъмоли ўсишда давом этмоқда.
PMI бош директори Яцек Олчакнинг фикрича:
Сигареталар ҳеч қачон энг осон ёки ягона танлов бўлиб қолмаслиги керак. Тутунсиз технологиялар мавжуд бўлган шароитда бу ҳолатга йўл қўйиб бўлмайди. Бугун айрим чекувчилар хавфи камроқ бўлган муқобил маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятига эга, бошқалари эса бундай танловдан маҳрум ҳолда қолмоқда. Бу эса айрим мамлакатларда чекиш даражаси пасайиб бораётган бир пайтда, бошқа ҳудудларда ушбу кўрсаткич 20–40%гача етишига олиб келмоқда. Бундай келажакни қабул қилиш мумкинми?
Тутунсиз келажакка қаратилган технологиялар аллақачон мавжуд ва жорий этишга тайёр. Бироқ реал натижа инновациялар аҳоли ҳаётига амалда кириб боргандагина кузатилади. Бу йўлда давлат идоралари, илмий доиралар, фуқаролик жамияти ва истеъмолчилар ўртасидаги ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Илмий хулосалар ва хавфлар
Тадқиқотлар натижасига кўра, тамакини иситиш жараёнида ёнувга нисбатан ўртача 95%га камроқ зарарли моддалар ҳосил бўлади. Бироқ тутунсиз қурилмалардан узоқ муддат фойдаланиш оқибатлари ҳали етарлича ўрганилмаган.
АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) бундай тизимлар токсик моддалар таъсирини камайтиришини тан олган, аммо уларни тўлиқ хавфсиз деб ҳисобламайди.
Тиббий жамоатчилик фикрига кўра, энг хавфсиз йўл — чекишдан тўлиқ воз кечиш, инновацион ечимлар эса хавфларни камайтириш учун ёрдамчи восита сифатида қаралиши мумкин.
Фред Де Вилде — PMI’нинг SSEA, MEA ва МДҲ минтақалари бўйича президенти:
Ривожланаётган иқтисодиётларга тутунсиз муқобил маҳсулотларни жорий этиш ўзига хос қийинчиликлар билан боғлиқ. Кўплаб чекувчилар соғлиқ учун хавфлар ҳақида етарлича хабардор эмас, иқтисодий тўсиқлар эса янги технологияларга кириш имкониятини чеклайди. Юқори бошланғич харажатлар қўрқинчли туюлиши мумкин, аммо турли хил маҳсулот портфелини ривожлантириш орқали биз тутунсиз танловларни барча даромад даражасидаги инсонлар учун ҳам қулай қилишни мақсад қилганмиз.
Бизнинг миссиямиз аниқ — тутунсиз келажак сари йўлда ҳеч ким ортида қолмаслиги керак. Маҳаллий эҳтиёжлар ва харид қобилиятини инобатга олган ҳолда, биз яхшироқ муқобил вариантларни кенгроқ аудитория учун тақдим этмоқдамиз.
Глобал манзара
Бугунги кунда дунёда 1 млрд нафардан ортиқ одам чекишга одатланган бўлиб, уларнинг учдан икки қисми паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди.
Экспертлар таъкидлашича, тутунсиз келажакка ўтиш илмий далиллар, шаффоф тартибга солиш, технологиялардан фойдаланиш имконияти ва аҳолининг тиббий саводхонлигига боғлиқ бўлади. Комплекс ёндашувсиз технологик ечимлар чекишга қарши курашда самара бермаслиги мумкин.





