«Ҳаж» ва «Умра» сафарларини ноқонуний ташкил қилган туристик фирмалар аниқланди 

«Ҳаж» ва «Умра» сафарларини ноқонуний ташкил қилишга уринган бир неча туристик фирмаларнинг ходимлари ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Хабарга кўра, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирмалардан бирининг тўрт ходими уч нафар фуқарони ишчи визаси орқали «Ҳаж» сафарига юбориш эвазига ҳар биридан $7 минг, яна бир фуқаро учун сайёҳлик визаси орқали юбориш эвазига $5 минг, жами $26 минг талаб қилиб, $20 мингни олдиндан олаётган пайтда ушланган.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида жойлашган фирмалардан бирининг ходими икки фуқаро учун «Умра» сафарига $2,4 минг ва уч фуқаро учун «Ҳаж»  сафарига $15 минг олганида қўлга олинган.

Наманган шаҳрида эса 1999 йилда туғилган шахс «Ҳаж» сафарига юбориш бўйича ижтимоий тармоқларда сохта эълонлар жойлаб, уч фуқародан жами $14,7 минг олаётган вақтида ушланди. Чуст туманида эса лицензияси бўлмаган фирма раҳбари «Умра» сафарини ташкил қилиш баҳонасида $4 минг олган пайтда қўлга тушган.

Яна бир ҳолатда, Тошкентда яшовчи фуқаро масъулияти чекланган жамият орқали беш фуқаро учун «Ҳаж» визасини ваъда қилиб, $13,5 минг доллар олдиндан олганда ушланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон