Урганч давлат университетига нисбатан тендер бўйича иш очилди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Урганч давлат университетида давлат харидлари бўйича қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда бошқарма матбуот хизмати.

Қўмитанинг вилоят бўлими мутахассислари томонидан бошланғич қиймати 29,7 миллиард сўмлик 7 қаватли 600 ўринли талабалар турар жойини қуриш бўйича тендер битими текширилди.

Ўрганишлар давомида университет томонидан Хоразм вилояти қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказига юборилган анкетада 7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши объектини соҳавий мансублиги ва хавф-хатар тоифаси II-тоифа қилиб белгиланганлиги маълум бўлди, — дейилади хабарда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, тегишли объектлар қурилиши «Шаффоф қурилиш» тизимига ИИИ хавф тоифаси объекти сифатида жойлаштирилиши лозим бўлган.

Бироқ, муассаса мутасаддилари объектни тизимга киритмагани ва бу билан бошқа вилоятлардаги қурилиш корхоналарининг тендерда иштирок этишини чеклагани аниқланган.

Натижада, Университетга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талабларини бузганлик учун иш очилди. Шунингдек буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш юзасидан маълумотлар тегишли суд органига юборилган.

Ўзбекистон