«Вагнер» ХҲК сафида хизмат қилган Ўзбекистон фуқаросига ҳукм ўқилди
Тошкент вилоятида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясида хизмат қилган 50 ёшли эркакка суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Янгийўл шаҳар судининг қарорига асосланиб Repost.uz хабар берди.
Маълум бўлишича, у 2022 йил сентябрда Россияга бориб, интернетда кўрган эълон асосида Краснодар ўлкасининг Молкино қишлоғи яқинидаги «Вагнер» ҳарбий лагерига етиб борган ва у ерда жанговар тайёргарликдан ўтиб, шартнома имзолаган. Эркак Украина ҳарбийларига қарши жангларда қатнашган ва граната портлаши оқибатида оғир тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. 2023 йил март ойида эса Ўзбекистонга қайтган.
2025 йил февраль ойида ҳуқуқ-тартибот органлари унинг яшаш манзилидан 9,74 грамм марихуана топган. У гиёҳванд моддани шахсий истеъмоли учун сақлаганини билдирган.
Суд фуқарони Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланма жиноят) ва 276-моддаси 1-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни сотиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан айбдор деб топиб, беш йил-у бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлaди.